UZBNEWS

Фойдаланишга топширилмаган уйга аҳолини киритган масъуллар 3 йилгача қамалиши мумкин

Сенат 27-ноябрь куни қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда ноқонуний яшашнинг олдини олишга қаратилган қонунни маъқуллади, унга кўра фуқароларнинг бундай уйларга кўчиб киришига йўл қўйган қурилишга масъул ёки мансабдор шахсларга тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Айбдорларга 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.

Амалдаги қонунчиликда бу қилмиш учун дастлаб маъмурий жарима, такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарлик назарда тутилган эди. Қўмита раҳбари ўринбосари Қобулжон Турсуновнинг таъкидлашича, сўнгги 7 йилда 383 та кўп квартирали уй талаблар бажарилмасдан ноқонуний қурилиб, улардаги 20 мингдан ортиқ хонадон сотилган, фойдаланишга топширилмаган 136 та уйда эса 8 мингга яқин аҳоли яшаб келмоқда.

Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачи ва пудратчилар зиммасига бундай уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик мажбурияти алоҳида норма сифатида киритилмоқда.

UZBNEWS иловасида ўқиш