Ҳаво ифлосланганда автомобиллар тоқ ва жуфт кунларда ҳаракатланиши мумкин
Ҳаво кучли ифлосланганда автомобиллар ҳаракати ва айрим корхоналар фаолиятини вақтинча чеклаш таклиф қилинмоқда — бу Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ишлаб чиққан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган. Зарурат туғилганда автомобилларнинг давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт кунларда ҳаракатланиши белгиланиши мумкин, электромобиллар ва махсус транспорт воситалари бундан мустасно.
Шаҳар ва вилоят марказларида оғир юк машиналари ҳаракати чекланиши, ҳаво сифати «қизил» ва «бинафшаранг» даражага етганда эса I ва II тоифадаги корхоналар ишлаб чиқариш қувватларини вақтинча пасайтириши керак бўлади. Лойиҳада ҳаво сифатини беш даражага ажратувчи миллий индекс жорий этиш ҳамда хавфли даражаларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига СМС-хабар юбориши кўзда тутилган.
Лойиҳа бўйича муҳокамалар 12-декабргача давом этади.