Масофадан ишловчи ходимни ишдан бўшатиш ҳақида СМС орқали хабардор қилиш таклиф этилди
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масофадан ишловчи ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини ўзгартирувчи қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди. Лойиҳага кўра, шартнома бекор қилинганда иш берувчи буйруқ нусхасини ходимга қоғоз шаклида буюртма хат орқали ёки электрон тарзда юбориши шарт бўлади.
СМС хабарнома «Ягона миллий меҳнат тизими»даги шахсий кабинет, ходим номига расмийлаштирилган телефон рақами, электрон почта ёки меҳнат шартномасида келишилган бошқа интернет дастурлари орқали юборилиши мумкин, унда шартнома бекор қилинган сана ва асослар кўрсатилиши шарт. Ишга тиклаш бўйича судга мурожаат қилишнинг уч ойлик муддати буйруқ нусхаси топширилган ёки юборилган, шунингдек, СМС хабар келган кундан бошлаб ҳисобланиши таклиф этилмоқда.
Лойиҳа муҳокамаси 9-декабргача давом этади.