Мексика президенти АҚШнинг картеллар бўйича ишонч телефонини аралашув деб атади
Мексика президенти Клаудия Шейнбаум АҚШнинг наркокартеллар фаолияти ҳақида хабар бериш учун очган ишонч телефонини хорижий аралашув деб қоралади ва АҚШ элчиси Рон Жонсонга расмий норозилик билдирди. АҚШ Гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси чоршанба куни Мексика фуқаролари Синалоа картели билан боғлиқ шахслар, мансабдорлар ва пул ювиш тармоқлари ҳақида аноним хабар бериши учун каналлар очишини эълон қилган эди.
«Биз АҚШ билан муносабатларимиз бўйсуниш эмас, балки мувофиқлаштиришга асосланганини аниқ айтганмиз», — деди Шейнбаум матбуот анжуманида. Айрим журналистлар ва мухолифат сиёсатчилари эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Мексикага картелларга қарши курашни кучайтириш юзасидан босим ўтказиб келмоқда, Трамп эса бир неча бор бир томонлама чоралар кўриш билан таҳдид қилган.