Сенат божхона тўловларидан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарликни маъқуллади
Сенат 27-ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжатга кўра, катта миқдорда тўламаслик ҳамда маъмурий жазодан кейин такроран қоидабузарлик қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда, ўзгартишлар Жиноят ва Жиноят-протсессуал кодексларига киритилади.
Шунингдек, божхона органларига пиротехника буюмларини чегарадан қонунсиз олиб ўтиш билан боғлиқ айрим жиноятлар бўйича суриштирув ўтказиш ҳуқуқи берилади. Сенаторлар ўзгаришлар заруратини статистика билан изоҳлади: 2022-йилда 162 млрд сўмлик 291 та, 2023-йилда 218 млрд сўмлик 207 та, 2024-йилда эса 247 млрд сўмлик 348 та божхона божларидан бўйин товлаш ҳолати аниқланган.
Янги нормалар давлат бюджети даромадларини ҳимоя қилиши ва божхона тўловларини ҳалол тўлаётган тадбиркорлар учун тенг шароит яратиши керак, — дейилади қонун ишлаб чиқувчилари фикрида.