Афғонистоннинг Кунар вилоятидаги мактабда портлаш: ўқувчилар жабрланди
Афғонистон шарқидаги Кунар вилоятида мактаб ичида юз берган портлаш оқибатида номаълум сондаги ўқувчилар ҳалок бўлди ёки яраланди — дейилади Афғонистон ҳукумати вакили маълумотида. Портлаш шанба куни эрталаб Кунарнинг Андар Сер ҳудудидаги мактабда содир бўлган — дея хабар берди вилоят полиция бошқармаси матбуот котиби Фарид Деҳқан.
Унинг сўзларига кўра, портлаш сабаби ҳозирча маълум эмас, воқеа жойида тергов гуруҳлари иш олиб бормоқда. Кунар вилояти Покистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган.
Август ойида Кобулдаги мактаб мажмуасига қўл гранатаси билан уюштирилган ҳужумда 9 ёшдан 14 ёшгача бўлган 40 дан ортиқ бола яраланган эди.