UZBNEWS

Бухоро ҳайвонот боғидаги шароит юзасидан ИИВга мурожаат тайёрланмоқда

Бухоро ҳайвонот боғида ҳайвонларни сақлаш шароити ва уларга шафқатсиз муносабат ҳақидаги даъволар юзасидан Меҳр ва Оқибат ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ИИВга мурожаат тайёрлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган очиқ мактубда бухоролик аёл кўплаб ҳайвонлар озғин ва касал кўринишини, айрим қафасларда ичимлик суви ҳам йўқлигини ҳамда ходимлардан бири ҳайвонларни таёқ билан қўрқитганини даъво қилган.

Жамият 17-ноябрдаёқ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Бухоро ҳокимига хат йўллаб, ҳайвонлар амалдаги талабларга жавоб бермайдиган ўта тор шароитда сақланаётганини билдирган. Вилоят экология бош бошқармаси шаҳар ҳокимлигига ҳайвонот боғи ҳудудини кенгайтириш ва моддий-техник базасини яхшилаш бўйича таклифлар киритилганини маълум қилган.

Бироқ шундан кейин ҳам жамиятга ходимларнинг ҳайвонларга шафқатсиз муносабати акс этган янги видеолар келиб тушган — дейилади ташкилот баёнотида.

UZBNEWS иловасида ўқиш