Буюк Британияда пенсия ва нафақа хизматлари киберҳодисадан кейин ҳамон ишламаяпти
Буюк Британия Меҳнат ва пенсиялар департаментининг (DWP) онлайн нафақа ва пенсия хизматлари шанба куни эрталаб ҳам ишламади. Департамент пайшанба куни кечқурун «киберҳодиса» сабабли хизматларни ўчириб қўйган, бироқ бунга нима сабаб бўлганини аниқламаган ва хакерлар ҳужуми эҳтимолини ҳам истисно этмаган.
Меҳнат ва пенсиялар вазири Пат Макфадден «жиддий киберҳодиса» юз берганини маълум қилган, аммо батафсил маълумот бермаган. Ҳукумат нафақа олувчилар ва пенсионерларга тўловлар одатдагидек давом этишини, шунингдек, шахсий маълумотлар йўқолган ёки ўғирланган деб ҳисобламаслигини билдирган.
Мутахассислар департамент хакерлар нишонига айланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда — ҳукумат буни ҳозирча тасдиқламаган.