UZBNEWS

Таъмирталаб йўллар улуши ўн йилда 70 фоиздан 19 фоизгача камаяди

Ўзбекистонда таъмирталаб йўллар улуши ўн йил аввалги қарийб 70 фоиздан бу йил якунида 19 фоиз атрофига тушади, — деди Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов. У бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўмита илмий-амалиёт марказида транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувидан сўнг маълум қилди.

Раис илгари аҳоли асосан йўлларни асфалтлашни сўраб мурожаат қилган бўлса, энди тротуар қуриш, йўлларни ёритиш ва тезликни камайтирувчи сунъий тўсиқлар ўрнатишни сўраётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, давлат-хусусий шериклик асосида йўл қуриш топшириғи берилган, қўмита эса йил якунигача ҳар бир вилоят ва туман бўйича икки-уч йиллик йўл тармоғини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади.

Турсунов кейинги икки-уч йилда соҳа ижобий томонга кескин ўзгаришини тахмин қилди.

UZBNEWS иловасида ўқиш