UZBNEWS

Ҳаво кескин ифлосланганда оммавий тадбирларни бекор қилиш таклиф этилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ҳаво сифати «қизил» ва «бинафшаранг» даражага етганда корхоналар қувватини пасайтириш ва юк машиналари ҳаракатини чеклашни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, бундай пайтларда шаҳар марказларида қурилиш ишларига вақтинча чекловлар қўйилади, зарурат бўлса, давлат рақамига кўра тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланиш амалиёти жорий этилиши мумкин (электромобиллар ва махсус транспорт бундан мустасно).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига уйда қолиш бўйича тавсиялар беради, шунингдек, оммавий тадбирларни чеклаш ва масофавий иш ҳамда ўқишга ўтиш бўйича ҳукуматга таклифлар киритиб боради. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолининг мобил телефонларига огоҳлантирувчи СМС хабарномалар юборади.

Лойиҳа билан ҳаво сифатини ПМ2.5, ПМ10 ва бошқа моддалар бўйича бешта рангли даражада баҳоловчи Атмосфера ҳавоси сифати миллий индекси ҳам тасдиқланмоқда — ҳужжат «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

UZBNEWS иловасида ўқиш