Перуда ҳарбий вертолёт қулаши оқибатида саккиз ҳарбий ҳалок бўлди
Перуда қутқарув миссияси вақтида ҳарбий вертолёт қулаши оқибатида саккиз нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Вертолёт Апуримак, Эне ва Мантаро дарёлари водийси (ВРАЭМ)даги Санабамба шаҳарчаси яқинида армия патрулини эвакуация қилиш чоғида қулаган, у пайшанба куни кечқурун уч нафар ҳарбийни қутқариб олганидан сўнг бедарак йўқолган эди.
Бортдаги тўққиз кишидан фақат учувчи Энзо Эспиноза Роке омон қолди, у ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш учун Лимага олиб кетилди — дейилади Перу Мудофаа вазирлиги баёнотида. Ҳалокат сабаби ҳозирча номаълум.
«Кокаин водийси» деб ҳам аталадиган ВРАЭМ Перудаги кока етиштириладиган энг йирик водий бўлиб, у ерда жиноий гуруҳлар ва собиқ «Нурли йўл» исёнчи гуруҳи қолдиқлари фаолият юритади.