Озарбайжон ва Арманистон фуқаролик жамиятлари Дилижонда тинчлик мулоқотини давом эттирди
Озарбайжон ва Арманистон фуқаролик жамиятлари вакиллари Арманистоннинг Дилижон шаҳрида пайшанба ва жума кунлари «Тинчлик кўприги» дастурининг бешинчи босқич музокараларини ўтказди. Учрашувда 60 нафар вакил қатнашди, бу платформа 2025-йилда ташкил этилганидан бери энг катта иштирок ҳисобланади.
Томонлар икки давлат ўртасидаги йўллар ва инфратузилма, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар масалалар, таълим ҳамда сиёсий ва геосиёсий мавзуларни муҳокама қилди. «Баъзи масалаларда келишмовчиликларимиз бор, аммо уларнинг барчаси бўйича ҳалол ва самимий мулоқот олиб борамиз» — деди озарбайжонлик иштирокчи Фарҳад Маммадов.
Платформа 2025-йил 8-августдаги Вашингтон саммитидан сўнг ташкил этилган бўлиб, унда Илҳом Алиев ва Никол Пашинян АҚШ Президенти Доналд Трамп воситачилигида тинчлик жараёни декларациясини имзолаган эди.