UZBNEWS

Ер ва рухсатномалар учун 1,05 млн доллар талаб қилган солиқ ходими ушланди

Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ходими ер майдонини расмийлаштириш ва қурилиш рухсатномаларини олиб бериш эвазига 1 млн 50 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ушланди — дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида. Терговга кўра, 1988-йилда туғилган ходим Нурафшон шаҳридаги хусусий корхонага қарашли 3,5 гектар нотурар ер майдонидаги қурилиши тугалланмаган сехни харидор номига ўтказиш ҳамда 34 та давлат идорасидан қурилиш учун рухсатномалар олиб беришни ваъда қилган.

У Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида харидордан олдиндан 40 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор тадбир «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирининг учинчи босқичи доирасида ўтказилган.

UZBNEWS иловасида ўқиш