Уганда КДРдаги Луберо шаҳридан қўшинларини олиб чиқишини маълум қилди
Уганда армияси Конго Демократик Республикасининг шарқидаги Шимолий Киву провинсиясида жойлашган Луберо шаҳридан ўз кучларини «тез орада» олиб чиқишини маълум қилди — дейилади армия вакилининг X тармоғидаги хабарида. Баёнот бундан бир неча кун олдин Уганда армияси қўмондони, Президент Ёвери Мусевени ўғли Мухузи Кайнеругаба Шимолий Кивудаги Валикале шаҳрини назоратга олиш билан таҳдид қилганидан сўнг эълон қилинди.
Бунга жавобан Киншаса Уганда элчихонаси миссияси раҳбарини чақиртириб, бу баёнотларни «ўта жиддий» деб баҳолаган эди. Уганда армияси вакили, шунингдек, Конго ҳукумати билан иттифоқдош кўринадиган айрим милиция гуруҳларини Итури ва Шимолий Кивуда тинч аҳолига ҳужумларни кучайтиришда айблади.
Уганда қўшинлари 2021-йилдан буён Конго армиясини «Исломий давлат» билан боғлиқ жангариларга қарши қўллаб-қувватлаш учун минтақада жойлашган.