Янги алифбо сабабли ўқувчиларга имтиҳонларда енгиллик бериш таклиф қилинди
Янгиланган ўзбек алифбосига ўтиш муносабати билан мактаб ўқувчилари ва абитуриентлар учун битирув ва кириш имтиҳонларида саводхонликни баҳолаш мезонларини вақтинча юмшатиш таклиф этилмоқда — бу чоралар Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган. Енгилликлар 5–11-синф ўқувчиларига тааллуқли бўлиб, 2028-йил 1-августга қадар амал қилади, имловий саводхонликни текширишнинг махсус қоидалари эса 2027-йил мартигача ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Янгиланган алифбо бўйича 2027/2028-ўқув йилида биринчи бўлиб биринчи синф ўқувчилари таълим олишни бошлайди, бошқа синфлар учун дарсликлар босқичма-босқич алмаштирилади. Педагоглар учун малака ошириш курслари ташкил этилади, электрон кундаликлар, журналлар ва таълим платформалари янги ёзувга мослаштирилади.
Лойиҳа 6-декабргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади — баҳолашнинг аниқ қоидалари ҳали тасдиқланмаган.