2028-йилдан рўйхатдан ўтказилмаган уй ҳайвонлари эгалари жавобгарликка тортилади
Ўзбекистонда ҳайвонларини рўйхатдан ўтказмаган эгалар 2028-йил 1-январдан жавобгарликка тортила бошланади, янги талаблар чорва моллари билан бирга мушук ва итларга ҳам тааллуқли. Шу муддатгача эгалар идентификациядан ўтиб, ҳайвонлари ҳақидаги маълумотларни ягона электрон базага киритиши керак.
Қорамол, қўй, эчки ва туялар икки ҳафталик бўлгач бир ой ичида, мушук ва итлар эса уч ойлик бўлгач бир ой ичида рўйхатдан ўтказилиши лозим, ҳар бир ҳайвонга бирка ёки микрочипда сақланадиган ноёб рақам берилади. Электрон тизим чорва ўғирлиги ва ноқонуний савдосига қарши курашиш, юқумли касаллик ўчоқларини тезроқ аниқлаш ҳамда бозорларда гўшт ва сут маҳсулотлари сифатини назорат қилишга ёрдам беради — деди Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази мутахассиси Ғайрат Қўзибоев.
Мушук ва итларни рўйхатга олиш эса қутуришга қарши эмлашни назорат қилиш ва дайди ҳайвонлар кўпайишига қарши курашиш имконини беради.