Маҳаллаларда профилактика инспекторлари билан боғланиш учун алоқа тугмалари ўрнатилади
Ўзбекистонда 2027-йил 1-февралдан бошлаб босқичма-босқич фуқароларга маҳалладаги профилактика инспекторлари билан куннинг исталган вақтида боғланиш имконини берувчи алоқа тугмалари жорий этилади — бу ҳукуматнинг 25-ноябрдаги қарорида белгиланган. Тугмалар инспекторлар хизмат хонасида бўлмаган вақтда мурожаат юбориш учун уларнинг маҳалладаги хизмат хоналари эшикларига ўрнатилади.
Республика бўйича жами 8 837 та хизмат хонаси жиҳозланади: 2027-йилда 2 941 та, 2028-йилда қолган 5 896 та хонада тугмалар ўрнатилади. Мурожаат инспекторнинг махсус планшетига ёки мобил қурилмасига юборилади ва у 5 дақиқа ичида қабул қилиниши лозим.
Ички ишлар органларининг қисқа рақамлари ва 112 ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилиш тартиби сақланиб қолади.