Янги Тошкентда инвестиция қанча катта бўлса, ер ижараси шунча арзон бўлади
Янги Тошкентда инвесторларга ер участкалари қурилишга киритиладиган маблағ ҳажмига қараб имтиёзли нархда берилади — бу ҳақда шаҳар ривожига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. Ижара ҳуқуқининг бошланғич нархи 50 млн долларгача бўлган лойиҳалар учун бир квадрат метрга 200 доллар, 50–100 млн долларлик лойиҳалар учун 150 доллар, 100–250 млн долларлик лойиҳалар учун 100 доллар, 250–500 млн долларлик лойиҳалар учун 50 доллар бўлади, 500 млн доллардан ортиқ сармояда эса нарх 1 долларгача тушади.
Бизнес учун етти йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган, участкалар эса муҳандислик тармоқларига уланиш шартлари олдиндан белгиланган ҳолда қурилишга тайёр топширилади. Тадбиркорлар учун махсус сайт ва Телеграм-бот ишга туширилган бўлиб, улар орқали бўш участкалар билан танишиш ва таклифларни онлайн юбориш мумкин.
Маълум қилинишича, уч йил ичида Янги Тошкентда 2 млрд долларлик ишлар бажарилган, биринчи босқичда эса жами 50 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.