Божхона йил бошидан 126 млрд сўмлик дорининг ноқонуний айланмасини тўхтатди
2026-йил бошидан буён 1 822 та ҳолатда умумий қиймати 126 млрд сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда яширин айланмасига чек қўйилган, шунингдек, 10 та яширин дори лабораторияси фош этилган — дейилади Божхона қўмитаси хабарида. 18–19-ноябрь кунлари Тошкентнинг Юнусобод ва Сергели туманларидаги хонадонлар ертўлаларида қарийб 1 млрд 350 млн сўмлик ҳужжатсиз дори воситалари аниқланган.
Улар орасида инсулин препаратлари ҳам бўлиб, зарур ҳарорат ва санитария талабларига риоя қилинмаган ҳолда сақланган, қадоқлардаги ҚР-кодлар эса маркер билан бўяб қўйилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай сақлаш дориларнинг даволаш хусусиятларига салбий таъсир кўрсатиши ва беморлар ҳаётига хавф туғдириши мумкин.
Ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.