UZBNEWS

Сенат киберхавфсизлик ва давлат сирларидан фойдаланиш бўйича қонунга ўзгартиришни маъқуллади

Сенатнинг 21-ялпи мажлисида "Литсензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги" Қонуннинг 1-моддасига давлат сирларини сақлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун маъқулланди. Ўзгартиришга кўра, ушбу қонун ахборотлаштириш ва муҳим ахборот инфратузилмаси обектларини аттестациядан ўтказиш, ахборотни ҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш воситаларини сертификатлаштириш, шунингдек, давлат сирларидан фойдаланишга рухсат бериш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.

Рақамли технологиялар қўлланилиши кенгайгани ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш, давлат сирларини ҳимоя қилиш ва кибер таҳдидларга қарши чоралар аҳамиятини оширмоқда, — деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. Маъқулланган ҳужжат давлат сирларини ҳимоя қилиш жараёнларини махсус қонунчилик асосида тартибга солиш, ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этиш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади, — дейилади хабарда.

UZBNEWS иловасида ўқиш