Сенат «Ўзбекистон эҳтироми» орденини таъсис этиш қонунини маъқуллади

Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон эҳтироми» орденини таъсис этиш тўғрисидаги қонун маъқулланди. Ҳужжатга кўра, орден икки даражали — «Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми» ва «Ўзбекистон эҳтироми» бўлади.
Мукофотлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва халқаро нуфузни оширишга ҳисса қўшган хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда бошқа хорижий фуқароларга берилади. Қонун билан орденни топшириш тартиби, унинг низоми ва тавсифи белгилаб, «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.