UZBNEWS

Енгил саноатга 36 ойлик кредит таътили, экспорт тушуми 365 кунгача

Президент 2026-йил 26-ноябрда енгил саноат корхоналарининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган қарорни қабул қилди. 2026–2029-йилларда инвестиция лойиҳалари ва айланма маблағларни тўлдириш учун олинган кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади (кредит таътили), фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш тизими жорий этилади.

2028-йил 1-январгача экспорт тушумини қайтариш муддати 365 кунгача узайтирилади, бу даврда жарималар ва экспорт операцияларини чеклаш чораларини қўллаш кўзда тутилмаган — дейилади қарорда. Пахта толаси қайта ишлаш қувватига эга кластер ва тўқимачилик корхоналари бўйича қарздорликни ундириш харид қилинган хом пахта ва ундан ишлаб чиқарилган пахта толасига қаратилмайди.

Енгил саноат учун зарур хомашё ва эҳтиёт қисмлар импорти бўйича илгари берилган божхона имтиёзлари 2030-йил 1-январгача узайтирилади; Жамғарма маблағлари ҳисобидан 2022–2023-йиллар ҳосилига оид 3,2 трлн сўм кредит бўйича тўловлар 2028–2029-йилларда ойма-ой тенг улушларда, 2025-йил ҳосилига оид 1,2 трлн сўм бўйича эса 2027-йил 1-мартгача тенг улушларда тўланиши учун муддатлар узайтирилади.

UZBNEWS иловасида ўқиш