Мирзиёев Автомобил йўллари қўмитаси илмий-амалий марказида бўлди

Шавкат Мирзиёев 27-ноябрь куни Автомобил йўллари қўмитасининг илмий-амалий марказига ташриф буюриб, муассаса фаолияти ва яратилган шароитлар билан танишди. Мажмуа 2,7 гектар бўлиб, 80 та доимий иш ўрни яратилган, — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Марказ қўмитанинг 7 та ахборот тизими билан интеграция қилинган, РАМС орқали 42,4 минг километр автомобил йўлининг техник ҳолати баҳоланади, WIM тизими вазнни ўлчайди, Қамчиқ довони орқали ўтувчи А-373 йўлининг 100 километрлик қисми реал вақт режимида кузатилмоқда. Хорижий инвесторлар билан суҳбатда президент арзон қурилиб эртага яна буджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ хизмат қиладиган сифатли йўл зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда тадбиркорларни йўл ва кўприклар қурилишига жалб этиш учун янги имкониятлар яратилиши ҳамда 2027-йилда Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги йўллар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда реконструксия қилиниши айтилди.