UZBNEWS

Тошкентда МДҲ соғлиқни сақлаш кенгашининг 39-йиғилиши ўтказилади

Бугун, 27 ноябрь куни Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик Кенгашининг 39-йиғилиши ўтказилади. 2026-йил Ҳамдўстликда «Саломатликни муҳофаза қилиш йили» деб эълон қилинган бўлиб, тадбирда шу йил давомида бажарилган ишлар ва Ўзбекистоннинг раислик даври якунлари сарҳисоб қилинади.

Йиғилишда аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда ЖССТ Европа минтақавий бюроси вакиллари, шунингдек, соҳанинг етакчи экспертлари қатнашади — дейилади хабарда. Кун тартибида «МДҲга аъзо давлатлар аҳолиси саломатлиги» стратегиясини янгилаш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, юқори технологик тиббиёт, рақамлаштириш ҳамда санитария-эпидемиологик хавфсизлик масалалари бор.

Шунингдек, 2026–2030-йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича иккинчи «йўл харитаси»ни имзолаш маросими ўтказилади; ҳужжат минтақанинг беш давлати томонидан ЖССТ Европа бюроси кўмагида ишлаб чиқилган.

UZBNEWS иловасида ўқиш