Ҳаво ёмонлашса, оғир юк машиналари ва айрим автомобиллар ҳаракати чекланиши мумкин

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳаво сифати ёмонлашганда транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра вилоят ва шаҳар марказларида оғир юк ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади ёки муқобил йўналишларга йўналтирилади — дейилган лойиҳада.
Заруратга кўра давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланиш амалиёти жорий қилиниши мумкин; электромобиллар ҳамда махсус транспорт воситалари бундан мустасно — ҳужжатда қайд этилган. Назоратни Ички ишлар вазирлиги Президент администрациясининг кўрсатмаси асосида амалга оширади, айрим кўчаларда вақтинчалик чекловлар Қўмитанинг асослантирилган таклифига биноан белгиланади.
Атмосфера ёмонлашган пайтда қурилишга вақтинчалик чекловлар, фаввораларни узлуксиз ишлатиш ва кўчаларни намлаш, шунингдек энергетика корхоналарида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш назарда тутилган.