Поябзал ва трансформаторлар маркировкаси лойиҳаси жамоатчиликда танқидга учради

Ўзбекистонда айрим поябзаллар (ТИФ ТН 6401–6405) ҳамда 8504 коди бўйича электр трансформаторлари, статик электр ўзгартиргичлари ва индуктивлик ғалтакларини рақамли маркировкалаш жорий этиш таклиф қилинди; Солиқ қўмитаси қарор лойиҳасини муҳокама порталига жойлаштирди. Янги талабларни 2027-йил 1-январдан тажриба тариқасида, 2028-йил 1-январдан мажбурий тартибда жорий этиш ва маркировкаланмаган маҳсулот қолдиқларини сотиш учун ўтиш даврларини белгилаш кўзда тутилган — дейилади лойиҳада.
Муҳокамада билдирилган фикрларнинг аксарияти ташаббусни қўллаб-қувватламаган, харажатлар охир-оқибат истеъмолчилар зиммасига тушиши ҳамда кичик ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча юкламалар юзага келиши ҳақида хавотирлар ёзилган — дея қайд этилади изоҳларда. Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 10-декабргача давом этади.