UZBNEWS

Енгил саноатга янги чоралар: кредит таътили ва 365 кунлик экспорт муддати

Президент қарорига кўра, енгил саноат корхоналарининг инвестиция ва айланма маблағ кредитлари бўйича асосий қарзни қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади, кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисми қопланади. 2028-йил 1-январгача экспорт тушумини қайтариш муддати 365 кунгача узайтирилади ва бу даврда кечикишлар учун жарималар қўлланмайди; хомашё ва эҳтиёт қисмлар импортига божхона имтиёзлари 2030-йил 1-январгача давом этади.

Сунъий толалар ишлаб чиқарувчиларга 2027-йил 1-июлгача импорт қилинган хомашёнинг ҳар бир тоннасига 200 доллар ташиш харажатлари қоплаб берилади; электрон майдончаларда сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизи ҳамда реклама харажатларининг бир қисми 2028-йил 1-январгача компенсация қилинади. Банклар балансига ўтган 15 млн доллардан қиммат текстил корхоналарини ягона мулкий мажмуа сифатида 10 йилгача бўлиб-бўлиб сотишга рухсат берилади; сотувга қадар у ерда ишлаб чиқаришни тиклаш ва экспортни ривожлантириш мумкин.

Пахта кластерларининг 2022–2023-йил ҳосилига оид 3,2 трлн сўм қарзлари 2028–2029-йилларга сурилади, 2025-йил ҳосилидан қолган 1,2 трлн сўм қарз 2027-йил 1-мартгача тенг қисмларда тўланади.

UZBNEWS иловасида ўқиш