Ўзбекистонни йирик халқаро қуруқлик портига айлантириш бўйича чоралар белгиланди

Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистонни Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб йўналишларини боғловчи йирик қуруқлик портига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади, Ўрта йўлакдан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди — дейилади хабарда. Мутасаддиларга Озарбайжон, Туркманистон ва Грузия билан электрон юк ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувларни якунлаш ҳамда Ўзбекистондан Каспий, Қора денгиз, Шарқий Хитой денгизи ва Болтиқбўйи портларигача блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш вазифаси топширилди.
Темир йўл соҳасини қўллаб-қувватлаш доирасида юк вагонлари импорти ҚҚСдан озод этилади ва линиядан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади; халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонлар тақдим этилганда ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланади. Жаҳон банки билан ишлаб чиқилган янги тариф сиёсати 2027-йилдан босқичма-босқич жорий этилиб, келгуси йилдан ҳар бир йўналиш бўйича линиядан фойдаланиш, локомотив ва вагон учун тўловлар алоҳида кўрсатилади.