2027-йилда бешта вилоятда 303 километр автомобил йўли реконструксия қилинади

Ўзбекистонда 2027-йилда бешта вилоятда жами 303 километр автомобил йўлини реконструксия қилиш ишлари бошланади, — бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27-ноябрь куни транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувида маълум қилинди. Ишлар Сурхондарёда Жаҳон банки билан М-41 йўлининг 97 километр, Қашқадарёда Осиё тараққиёт банки билан А-380 йўлининг 100 километр, Сирдарёда Ислом тараққиёт банки билан А-373 йўлининг 37 километр, Бухоро ва Навоий вилоятларида эса Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан М-37 йўлининг 69 километр қисмида олиб борилади.
Ҳозирда мамлакатда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда 6,5 миллиард долларлик йўл инфратузилмаси лойиҳалари амалга оширилмоқда, яқинда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Урганч — Тупроққалъа автомобил йўли бўйича лойиҳага старт берилди. Учрашувда халқаро молия институтларига ўзбекистонлик мутахассисларни жаҳон миқёсидаги йирик лойиҳаларга муҳандис-консултант сифатида жалб қилиш ва маҳаллий компанияларни хорижий тендерларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди.